среда, 29 января 2014 г.

Менинг жонажон велосипедларим



Болалигимда дадам олиб берган 3 ғилдиракли велосипед, кейинчалик ҳатна тўйимда тоғам совға қилган кичик мотороллерлар ширин хотираларимнинг бир бўлаги бўлиб қолган. Лекин ҳозир улар ҳақида эмас.
Хуллас, 5-синфда ўқиб юрар эдим, синфдошларимнинг 5-6 тасида “Кама”, “Десна”, “Урал-24” каби великлари бўларди. Уларга роса ҳавас қилардим. Ёз кунлари бирон жойга чўмилгани борсак, велиги борлар бизни орқа “багажник”га миндириб олишарди. Қани энди ўзимни велосипедим бўлса...
Мактабга ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора 5-10 сўм пул беришарди, мен эса мактаб сумкамга уйдан бир бурда нон солиб олардим, пулни сарфламаслик учун. Ҳафта давомида кундалигимдаги 5 баҳолар ҳам мукофотсиз қолмасди, айниқса Рус тили, Математика ва Инглиз тили дарсларидан олинган 5 баҳолар албатта тақсинга лойиқ бўларди. Шундай қилиб пул тўплаб юрдим. Бундан ташқари, ҳафта давомида қилган оилавий ҳунармандчилигимиздан тушган маблағдан менга ҳам пича тегар эди.

Бир девор қўшнимиз Рустам ака эсимни таниганимдан бери “велосипедшунос олим”, таъмирлайди, эскисини олиб келиб бўяб, териб, яна бозорга олиб чиқиб сотади, хуллас тирикчилиги шундан. Бир вақтлар унга шогирд ҳам тушганман, велосипед минишга қизиқиб. Эрта баҳорнинг баданга ёқадиган шаббодаси эсиб турадиган тонгларнинг бирида Рустам ака билан бирга велосипед бозорига бордик. Сотиш учун олиб чиққан 2 та “Урал-28” великларни пуллаб бўлгач асосий иш, менга велосипед олиш учун айландик. “Сварка емаган” эскироқ “Десна” бизга маъқул бўлди, олдик. Велосипедим устида Рустам ака иккаламиз 3 кун ишлаб, уни яп-янгидан фарқлай олмайдиган қилдик. Ўша вақтлар қувончим бир дунё эди. Ўз-ўзидан шогирдликдан чиқиб кетдим, энди ўзимни велосипедим бор. Ора-орада ишдан чиқаётган у-бу эҳтиёт қисмларини алмаштириш учун қўшнимникига кириб турардим. Чўмилишга борсак энди мен ҳам бир синфдошимни орқа “багажник”га миндириб оламан...

Орадан 2 йил ўтди, тоғамни катта ўғли “Десна”мни эгарини пастга тушириб минишни ўрганиб олганди. Бир кун тоғам томга чиқиб, бир вақтлар ўзи минган “Аист-28” велосипедини олиб тушди. Анча тургани учун ҳамма ёғи чанг, кир. Ювиб тозаладим, ҳеч жойида краскаси шилинмаган экан, кўча бошидаги “вулканизация”га олиб чиқиб дамлаттирдим. Ўшанда билмагандим, бу велосипед бирон таъмирга мухтож эмаслигини. “Аист” шамолдек учарди, унга меҳрим олдинги велигимданда кўпроқ бўлиб кетди. Ўша пайтлардаги “мода”га мувофиқ ғилдиракларига рангли полиэтилен картон қирқиб ёпиштирганман, ҳаво пуркаб чалинадиган катта сигнал қўйганман. Хатто стандарт рулини олиб ташлаб, спорт велосипедларида бўладиган руль ҳам ўрнатгандим. Эсимда, бир марта кўчада ДАН ҳодими тўхтатиб, велосипедга бундай сигнал қўйиш мумкин эмас деб олиб қўймоқчи бўлган, ўшанда нақд 10 километрча масофани яшин тезлигида босиб ўтганман...
“Аист”дан ажраб қолдим. 2001-2002 йиллари велосипед ўғрилари кўпайган эди. Мен ҳар куни саҳар туриб, бомдод намозини ўқиш учун велосипедда маҳалламиз масжидига чиқишга одатланган эдим. Ўша тонг ҳам одатдагидек, масжид сўртагининг устунига велосипедимни “багажниг”идан қулфлаб, хонақоҳга кириб кетдим. Намоздан кейин ташқарига чиқиб, оёқ кийимимни кияётиб, кўзим сўртак устунида қулфга осиғлиқ турган кўк “багажник”га тушди. “Багажник” орқасига қатирилган, аслида “Жигули 011”га тегишли, доим ялтираб турадиган орқа стоп шилиниб кетган, ялтирамаяпти. Устимдан бир пақир муздек сув қуйилгандек қотиб қолдим. Ҳаёлимдан минг хил ўйлар ўтди, бир лаҳзада. Бу ўша менинг қулфим, менинг жонажон велосипедимни багажниги эди. Қўлим қалтираб қулфни устундан зўрға ечиб олдим. Ҳафсалам пир бўлган, айб иш қилгандек бошимни эгиб уйга келдим, ҳеч ким билан гаплашмадим. Салом ҳам бермай хонамга кириб кетдим, кўзимга ёш келди, йиғладим. Онам ҳайрон бўлиб ортимдан кирди, сезди шекилли, “велосипединг қани?” деб сўрамади. 2-3 кун масжидга чиқмаганимни эшитган шекилли, тоғам чақириб анча сўкиб берди. Бу бир синов эканлиги, велосипедсиз ҳам масжидга боришим кераклигини айтди.
Шундай қилиб, 1-2 ой пиёда юрдим, кайфият ҳеч кўтарилиб кетмади. Тоғам бошқа велосипед олиб ҳам берди, яхшигина эди, лекин “Аист-28” барибир бошқача эди. Бу велосипедни ҳар ремонт қилганимда, дамлатганимда йўқотган велосипедимни бир эслаб қўярдим. Ўша воқеадан 1 йил ўтиб кўчада “Аист”имни кўрдим, уни мендан 2-3 ёш кичик бир бола миниб юрганди, тўхтатиб сўрадим, дадаси туғилган кунида олиб берганига 3 ой бўлган экан. Унга бўлган воқеаларни айтгим келмади, шунчаки, эҳтиёт қилиб минишини, бу жуда зўр велосипед эканини, бирор марта ҳам уста кўрмаганини айтдим. Шундан кейин кўнглимга қандайдир ҳотиржамлик қайтиб келди. Кейинги минган велосипедларим ҳақида ёзмоқчи эмасман, чунки улар олдинги минганларим, “Десна” ва “Аист”ларчалик қадрдон бўлмаган. Хатто, кейинги минганим “Урал”ни ўғирлаб кетишганда ҳам ичим олдингидек ачишмаган, буни ҳам бир синов деб қабул қилганман.

вторник, 28 января 2014 г.

Яшаш учун кураш


        Оқшом соат тўққиз яримлар атрофи, трамвайда мендан ташқари яна 10 тача одам бор. Кайфият ўртачадан сал пастроқ кўрсаткичда, сабаби эрталаб пулларимни солиб қўйган костьюмим қолиб, жемферни кийиб келгандим ишга. Яхшиямки, ишхонамиз ойлик йўл чиптаси ва метро жетонлари билан таъминлаб туради, улар доим ёнимда, сумкамда юради.
Қулоғимда наушник, қўшиқ эшитиб ҳаёлга берилиб бекатимдан ўтиб кетибман, кейингисида тушдим. Хечкиси йўқ, аслида менинг уйим шу иккала бекатдан ҳам бир хил масофада жойлашган, шундай деб ўзимни овунтирдим.
        Тушлик пайти 3-4 та печенье ва бир чашка чой билан алданган ошқозон йўл-йўлакай ўзи билан ўзи гаплашиб кетябди. Алламаҳалда уйга кириб, козон осиб, бирон жиз-биз қилиш учун ғайрат етишмайди менда. Йулнинг оҳирроғидаги фаст-фуд чироқларига тикилганча, уйга кетяпман.
        Ҳаёлим ўша фаст-фуд аталмиш тамаддихонада. 
     Қарзга берармикан? Йўқ! Балки берар? Эсинг борми, яхшироқ танимаса аҳир. Ошқозоннинг илтимоси ва овқат қилишга бўлган дангасалик бари бир мени уша кичик кафе томон юришимга мажбур қилди, сўраб кўрсам Асакам кетармиди?!
- Салом!
- Салом, келинг! Нима тайёрлаб берай?
      Шу пайт коронғу уйда лип этиб чирок ёнгандек, миямга бир фикр келиб колди, қарзга сўраш ниятидан умуман воз кечдим:
- Умуман олганда лаваш олиш истагим бор, аммо бир таклиф билан.
- Эшитаман ока, қанақа таклиф?
- Очиғи, ёнимда нақд пулим йўқ эди, шунинг учун, агар хўп десангиз тўловни метро жетонларида тўлайман.
- Ие, бу қанақаси бўлди, ҳеч бунака таклиф эшитмагандим,- деди сотувчи бола кулимсираб. Кайфияти яхшилигидан фойдаланиб таклифимни тезда тушунтирдим:
- Шундай, оддий. Масалан сиз менга 6000 сўмлик лаваш тайёрлаб берасиз, мен эса сизга 8 дона метро жетони бераман, жетонлар 6400 сўм бўлади, лекин мен 6000 сўм хисобига бераман буни. Ҳўш нима дейсиз?
- Ажойиб экансизу, шунақаси ҳам бўладими? Майли берингчи қани...
       Кайфият зўр, қорин тўқ, уйга қайтдим. Қорин очлигида эътибор қилмаган эканман, кузнинг майин, кечки шаббодаси роса ёкимли эсаётган экан.

среда, 8 января 2014 г.

Футболнинг биз билган ва билмаган тарихи



Футболнинг биз билган ва билмаган тарихи

Қадимда битта моҳир чевар чарм матодан думалоқ шаклда каттагина игна санчқич тайёрлаган, уни доим калака қилиб юрувчи қўшнилари игна санчқични ўғирлаб, чеварни югуртирибтўпни бир-бирларига тепиб ўйнашган, натижадапидболдеган бекорчилар ўйини пайдо бўлган...” Ёшлигимда дадам футбол тарихини шундай лўндагина ҳикоя қилиб берганди. Албатта, ўшанда дадам ёшимни ҳисобга олган бўлиши табиий. Катта бўлиб, харф танийдиган бўлганимдан сўнг, Геродот, Афлотун каби бир қатор машҳур тарихчиларни китобларини ҳам титкилаб кўрганман. Аммо, футбол ҳақида бир оғиз ҳам гап чиқмаган, “гап йўқ”! Демак, тарих отаси Геродот ҳам, уни “земляги” Афлотун ҳам футболга унча қизиқмаган! Эҳ, футболга қизиқмаган эркак эркакми? Ахир, футбол ўғил болалар ўйини эканлигини қизлар ҳам яхши билади-ку!


Шу тариқа футболга, унинг тарихи, келиб чиқишига қизиқиб қолдим ва оз бўлса ҳам у-бу нарсалар ўрганишга ҳаракат қилдим.
Ҳозирги кунга келиб, буюк бобомиз Амир Темур тугул, хатто Юлий Цезар ҳам босиб ололмаган жойларни Футбол ўз “мустамлакасига айлантирди”. Дунё аҳлининг энг суюкли ўйинига айланиб улгурган миллионлар ўйини қачон ва қаерда кашф қилинганлиги тўғрисидаги қарашлар футбол фанатлари сингари сон-саноқсиз. Худди туркий халқлар Алишер Навоийни талашганидек, кўплаб мамлакатлар футболни ўз тарихи билан боғлашади. Булардан баъзиларини кўриб ўтамиз.
Футбол ватани деб расман Англия деб эътироф этилган. Тўғри, замонавий футбол қоидалари XIX асрда Буюк Британияда амалга оширилган.
Бироқ, айрим тарихий манбаларда футболга ўхшаш ўйин қадимги Хитойда ҳам Император аскарлари томонидан ўйналганлиги кўрсатилган. Бундан 20 аср олдин ёзилган Хан династияси қўлёзмаларида икки гуруҳга ажралиб, думалоқ коптокни майдон бурчагига олиб бориш ўйини тилга олинган. Демак, футболнинг илк кўринишлари Осиёда пайдо бўлган экан. Бундан ташқари японияликлар 2002 йилги Жаҳон чемпионатини қабул қилишга даъвогар бўлишганида, 1400 йил олдин кунчиқар ўлкада футболга ўхшаш ўйин – Кеннатт ўйналганлигини таъкидлайвериб чарчашган.
Баъзи тарихий манбаларда битилишича, қадимги Греция ва Римда ҳам бу ўйиннинг илк кўринишлари бўлган экан. Уларда айтилишича, Цезар аскарлари Буюк Британияга Римда кашф қилинган тўп ўйини – Грапапастумни олиб келишган. Юнон тарихчиси Поллукс бу ўйинга шундай тариф берган: “Ўйинчилар иккига бўлиниб, тўп майдон марказидаги чизиққа қўйилади. Майдоннинг икки чеккасида ва ўйинчилар ортида яна икки чизиқ тортилади. Ушбу чизиқ устига биринчи бўлиб тўпни қўлда олиб борган жамоа ғолиб саналади.” Бундан чиқди грапапастум – регби ва футболнинг отаси бўлган экан.
Расмий маълумотларга назар ташласак, Англияда 1855-57 йиллари биринчи бор профессионал футбол клуби – “Шеффилд Юнайтед” жамоаси ва 1863 йил биринчи миллий ассоциация тузилди. XIX аср оҳири ва ХХ аср бошларида Европанинг бошқа мамлакатларида ҳамда Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида миллий футбол ассоциациялари ташкил қилинди. 1900 йили футбол Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди. 1904 йил халқаро футбол ассоциациялари федерацияси – ФИФА, 1946 йили эса Европа футбол ассоциациялари бирлашмаси – УЕФА тузилди. 1954 йил эса бизнинг Осиё Футбол Конфедерацияси тузилди. 1930 йилдан футбол бўйича Жаҳон чемпионати, 1955 йилдан Европа чемпионлар кубоги (ҳозирги ЕЧЛ), 1960 йилдан эса Европа чемпионати мусобақалари ўтказилмоқда.
Юртимизда футбол ватани водий, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Фарғонадир. Ўзбекистонда дастлабки футбол клуби 1912 йили Фарғонада ташкил қилинган. Кейинчалик Андижон ва Тошкентда ҳам футбол клублари тузилган. 1937 йилдан буён футбол бўйича ЎзССР кубоги (мустақиллик йилларидан Ўзбекистон кубоги) ва Ўзбекистон Чемпионати мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз севган футбол ўйини қадимги Хитойда туғилиб, Римда эмаклаб юришни бошлаган. Буюк Британияга кўчиб келгач, “паспорт” олган. Бразилия эса уни тарбиялаган. Тамом-вассалом!

 Сарварбек Жалилов