Футболнинг
биз билган ва билмаган тарихи
“Қадимда битта моҳир чевар чарм матодан думалоқ шаклда каттагина игна санчқич тайёрлаган, уни доим калака қилиб юрувчи қўшнилари игна санчқични ўғирлаб, чеварни югуртириб “тўп”ни бир-бирларига тепиб ўйнашган, натижада “пидбол” деган бекорчилар ўйини пайдо бўлган...” Ёшлигимда дадам футбол тарихини шундай лўндагина ҳикоя қилиб берганди. Албатта, ўшанда дадам ёшимни ҳисобга олган бўлиши табиий. Катта бўлиб, харф танийдиган бўлганимдан сўнг, Геродот, Афлотун каби бир қатор машҳур тарихчиларни китобларини ҳам титкилаб кўрганман. Аммо, футбол ҳақида бир оғиз ҳам гап чиқмаган, “гап йўқ”! Демак, тарих
отаси Геродот ҳам, уни “земляги” Афлотун ҳам футболга унча қизиқмаган! Эҳ,
футболга қизиқмаган эркак эркакми? Ахир, футбол ўғил болалар ўйини эканлигини
қизлар ҳам яхши билади-ку!
Шу тариқа
футболга, унинг тарихи, келиб чиқишига қизиқиб қолдим ва оз бўлса ҳам у-бу
нарсалар ўрганишга ҳаракат қилдим.
Ҳозирги кунга келиб, буюк бобомиз Амир Темур тугул, хатто Юлий Цезар ҳам босиб
ололмаган жойларни Футбол ўз “мустамлакасига айлантирди”. Дунё аҳлининг энг
суюкли ўйинига айланиб улгурган миллионлар ўйини қачон ва қаерда кашф
қилинганлиги тўғрисидаги қарашлар футбол фанатлари сингари сон-саноқсиз. Худди
туркий халқлар Алишер Навоийни талашганидек, кўплаб мамлакатлар футболни ўз
тарихи билан боғлашади. Булардан баъзиларини кўриб ўтамиз.
Футбол ватани
деб расман Англия деб эътироф этилган. Тўғри, замонавий футбол қоидалари XIX асрда Буюк Британияда
амалга оширилган.
Бироқ, айрим
тарихий манбаларда футболга ўхшаш ўйин қадимги Хитойда ҳам Император аскарлари
томонидан ўйналганлиги кўрсатилган. Бундан 20 аср олдин ёзилган Хан династияси
қўлёзмаларида икки гуруҳга ажралиб, думалоқ коптокни майдон бурчагига олиб
бориш ўйини тилга олинган. Демак, футболнинг илк кўринишлари Осиёда пайдо
бўлган экан. Бундан ташқари японияликлар 2002 йилги Жаҳон чемпионатини қабул
қилишга даъвогар бўлишганида, 1400 йил олдин кунчиқар ўлкада футболга ўхшаш
ўйин – Кеннатт ўйналганлигини таъкидлайвериб чарчашган.
Баъзи тарихий
манбаларда битилишича, қадимги Греция ва Римда ҳам бу ўйиннинг илк кўринишлари
бўлган экан. Уларда айтилишича, Цезар аскарлари Буюк Британияга Римда кашф
қилинган тўп ўйини – Грапапастумни олиб келишган. Юнон тарихчиси Поллукс бу
ўйинга шундай тариф берган: “Ўйинчилар иккига бўлиниб, тўп майдон марказидаги
чизиққа қўйилади. Майдоннинг икки чеккасида ва ўйинчилар ортида яна икки чизиқ
тортилади. Ушбу чизиқ устига биринчи бўлиб тўпни қўлда олиб борган жамоа ғолиб
саналади.” Бундан чиқди грапапастум – регби ва футболнинг отаси бўлган экан.
Расмий
маълумотларга назар ташласак, Англияда 1855-57 йиллари биринчи бор профессионал
футбол клуби – “Шеффилд Юнайтед” жамоаси ва 1863 йил биринчи миллий ассоциация
тузилди. XIX аср оҳири ва ХХ аср бошларида Европанинг бошқа мамлакатларида
ҳамда Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатларида миллий футбол ассоциациялари
ташкил қилинди. 1900 йили футбол Олимпиада ўйинлари дастурига киритилди. 1904
йил халқаро футбол ассоциациялари федерацияси – ФИФА, 1946 йили эса Европа
футбол ассоциациялари бирлашмаси – УЕФА тузилди. 1954 йил эса бизнинг Осиё Футбол Конфедерацияси тузилди.
1930 йилдан футбол бўйича Жаҳон чемпионати, 1955 йилдан Европа чемпионлар
кубоги (ҳозирги ЕЧЛ), 1960 йилдан эса Европа чемпионати мусобақалари
ўтказилмоқда.
Юртимизда
футбол ватани водий, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Фарғонадир. Ўзбекистонда
дастлабки футбол клуби 1912 йили Фарғонада ташкил қилинган. Кейинчалик Андижон
ва Тошкентда ҳам футбол клублари тузилган. 1937 йилдан буён футбол бўйича ЎзССР
кубоги (мустақиллик йилларидан Ўзбекистон кубоги) ва Ўзбекистон Чемпионати
мусобақалари ўтказилиб келинмоқда.
Хулоса қилиб
айтадиган бўлсак, биз севган футбол ўйини қадимги Хитойда туғилиб, Римда
эмаклаб юришни бошлаган. Буюк Британияга кўчиб келгач, “паспорт” олган.
Бразилия эса уни тарбиялаган. Тамом-вассалом!
Сарварбек Жалилов
Комментариев нет:
Отправить комментарий