Болалигимда дадам олиб берган
3 ғилдиракли велосипед, кейинчалик ҳатна тўйимда тоғам совға қилган кичик
мотороллерлар ширин хотираларимнинг бир бўлаги бўлиб қолган. Лекин ҳозир улар
ҳақида эмас.
Хуллас,
5-синфда ўқиб юрар эдим, синфдошларимнинг 5-6 тасида “Кама”, “Десна”, “Урал-24”
каби великлари бўларди. Уларга роса ҳавас қилардим. Ёз кунлари бирон жойга
чўмилгани борсак, велиги борлар бизни орқа “багажник”га миндириб олишарди. Қани
энди ўзимни велосипедим бўлса...
Мактабга ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора 5-10 сўм пул беришарди, мен эса мактаб сумкамга уйдан бир бурда нон солиб олардим, пулни сарфламаслик учун. Ҳафта давомида кундалигимдаги 5 баҳолар ҳам мукофотсиз қолмасди, айниқса Рус тили, Математика ва Инглиз тили дарсларидан олинган 5 баҳолар албатта тақсинга лойиқ бўларди. Шундай қилиб пул тўплаб юрдим. Бундан ташқари, ҳафта давомида қилган оилавий ҳунармандчилигимиздан тушган маблағдан менга ҳам пича тегар эди.
Мактабга ҳар куни бўлмаса ҳам кун ора 5-10 сўм пул беришарди, мен эса мактаб сумкамга уйдан бир бурда нон солиб олардим, пулни сарфламаслик учун. Ҳафта давомида кундалигимдаги 5 баҳолар ҳам мукофотсиз қолмасди, айниқса Рус тили, Математика ва Инглиз тили дарсларидан олинган 5 баҳолар албатта тақсинга лойиқ бўларди. Шундай қилиб пул тўплаб юрдим. Бундан ташқари, ҳафта давомида қилган оилавий ҳунармандчилигимиздан тушган маблағдан менга ҳам пича тегар эди.
Бир
девор қўшнимиз Рустам ака эсимни таниганимдан бери “велосипедшунос олим”,
таъмирлайди, эскисини олиб келиб бўяб, териб, яна бозорга олиб чиқиб сотади,
хуллас тирикчилиги шундан. Бир вақтлар унга шогирд ҳам тушганман, велосипед
минишга қизиқиб. Эрта баҳорнинг баданга ёқадиган шаббодаси эсиб турадиган
тонгларнинг бирида Рустам ака билан бирга велосипед бозорига бордик. Сотиш учун
олиб чиққан 2 та “Урал-28” великларни пуллаб бўлгач асосий иш, менга велосипед
олиш учун айландик. “Сварка емаган” эскироқ “Десна” бизга маъқул бўлди, олдик. Велосипедим
устида Рустам ака иккаламиз 3 кун ишлаб, уни яп-янгидан фарқлай олмайдиган
қилдик. Ўша вақтлар қувончим бир дунё эди. Ўз-ўзидан шогирдликдан чиқиб кетдим,
энди ўзимни велосипедим бор. Ора-орада ишдан чиқаётган у-бу эҳтиёт қисмларини
алмаштириш учун қўшнимникига кириб турардим. Чўмилишга борсак энди мен ҳам бир
синфдошимни орқа “багажник”га миндириб оламан...
Орадан
2 йил ўтди, тоғамни катта ўғли “Десна”мни эгарини пастга тушириб минишни
ўрганиб олганди. Бир кун тоғам томга чиқиб, бир вақтлар ўзи минган “Аист-28”
велосипедини олиб тушди. Анча тургани учун ҳамма ёғи чанг, кир. Ювиб тозаладим,
ҳеч жойида краскаси шилинмаган экан, кўча бошидаги “вулканизация”га олиб чиқиб
дамлаттирдим. Ўшанда билмагандим, бу велосипед бирон таъмирга мухтож
эмаслигини. “Аист” шамолдек учарди, унга меҳрим олдинги велигимданда кўпроқ
бўлиб кетди. Ўша пайтлардаги “мода”га мувофиқ ғилдиракларига рангли полиэтилен
картон қирқиб ёпиштирганман, ҳаво пуркаб чалинадиган катта сигнал қўйганман. Хатто
стандарт рулини олиб ташлаб, спорт велосипедларида бўладиган руль ҳам
ўрнатгандим. Эсимда, бир марта кўчада ДАН ҳодими тўхтатиб, велосипедга бундай
сигнал қўйиш мумкин эмас деб олиб қўймоқчи бўлган, ўшанда нақд 10 километрча
масофани яшин тезлигида босиб ўтганман...
“Аист”дан
ажраб қолдим. 2001-2002 йиллари велосипед ўғрилари кўпайган эди. Мен ҳар куни
саҳар туриб, бомдод намозини ўқиш учун велосипедда маҳалламиз масжидига чиқишга
одатланган эдим. Ўша тонг ҳам одатдагидек, масжид сўртагининг устунига
велосипедимни “багажниг”идан қулфлаб, хонақоҳга кириб кетдим. Намоздан кейин
ташқарига чиқиб, оёқ кийимимни кияётиб, кўзим сўртак устунида қулфга осиғлиқ
турган кўк “багажник”га тушди. “Багажник” орқасига қатирилган, аслида “Жигули
011”га тегишли, доим ялтираб турадиган орқа стоп шилиниб кетган, ялтирамаяпти.
Устимдан бир пақир муздек сув қуйилгандек қотиб қолдим. Ҳаёлимдан минг хил
ўйлар ўтди, бир лаҳзада. Бу ўша менинг қулфим, менинг жонажон велосипедимни багажниги
эди. Қўлим қалтираб қулфни устундан зўрға ечиб олдим. Ҳафсалам пир бўлган, айб
иш қилгандек бошимни эгиб уйга келдим, ҳеч ким билан гаплашмадим. Салом ҳам
бермай хонамга кириб кетдим, кўзимга ёш келди, йиғладим. Онам ҳайрон бўлиб
ортимдан кирди, сезди шекилли, “велосипединг қани?” деб сўрамади. 2-3 кун
масжидга чиқмаганимни эшитган шекилли, тоғам чақириб анча сўкиб берди. Бу бир
синов эканлиги, велосипедсиз ҳам масжидга боришим кераклигини айтди.
Шундай
қилиб, 1-2 ой пиёда юрдим, кайфият ҳеч кўтарилиб кетмади. Тоғам бошқа велосипед
олиб ҳам берди, яхшигина эди, лекин “Аист-28” барибир бошқача эди. Бу
велосипедни ҳар ремонт қилганимда, дамлатганимда йўқотган велосипедимни бир
эслаб қўярдим. Ўша воқеадан 1 йил ўтиб кўчада “Аист”имни кўрдим, уни мендан 2-3
ёш кичик бир бола миниб юрганди, тўхтатиб сўрадим, дадаси туғилган кунида олиб
берганига 3 ой бўлган экан. Унга бўлган воқеаларни айтгим келмади, шунчаки,
эҳтиёт қилиб минишини, бу жуда зўр велосипед эканини, бирор марта ҳам уста
кўрмаганини айтдим. Шундан кейин кўнглимга қандайдир ҳотиржамлик қайтиб келди.
Кейинги минган велосипедларим ҳақида ёзмоқчи эмасман, чунки улар олдинги
минганларим, “Десна” ва “Аист”ларчалик қадрдон бўлмаган. Хатто, кейинги минганим
“Урал”ни ўғирлаб кетишганда ҳам ичим олдингидек ачишмаган, буни ҳам бир синов
деб қабул қилганман.